Erasmus+ орқали ҚарДУ ўқитувчилари Руминияда тажриба алмашмоқда

Сўнгги тўрт йил ичида Қарши давлат университети Европа Иттифоқи томонидан молиялаштириладиган Erasmus+ Халқаро кредит мобиллиги (KA171) дастурида иштирок этиш бўйича сезиларли муваффақиятларга эришди. Университет Испания, Словакия, Польша, Руминия ва Италия каби Европанинг нуфузли олий таълим муассасалари билан самарали ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган. Ҳозирда ҚарДУ Халқаро ҳамкорлик бўлими бошлиғи Д.Мусаева ва Лингвистика кафедраси ўқитувчиси Д.Зокирова Руминиянинг нуфузли "Dunarea de Jos" университетида хизмат сафарида бўлиб туришибди. Мазкур сафар Erasmus+ дастури доирасида амалга оширилаётган бўлиб, унинг асосий мақсади инглиз тили йўналишидаги талабалар учун маъруза ва семинар машғулотлари ташкил этиш, профессор-ўқитувчилар билан тажриба алмашиш ҳамда халқаро грант лойиҳаларида ҳамкорликни давом эттириш бўйича музокаралар олиб боришдан иборат. Сафар давомида Д. Мусаева университетнинг “Адабиёт, фильм ва маданият” йўналиши 2-босқич магистратура ҳамда “Инглиз тили” йўналиши 2-босқич бакалавриат талабаларига ХХ аср инглиз адабиёти фанидан дарс машғулотларини олиб борди. Машғулотлар давомида талабалар қизиқишлари инобатга олиниб, “Ўзбек адабиёти намоёндалари” мавзусида ҳам махсус тақдимот ташкил этилди.